Янги шелтер зўравонликдан жабр кўрганларга вақтлича яшаш жойини тақдим этиш билан бирга, уларга психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятини яратади. Шунингдек, марказ оилавий низоларни бартараф этиш, жабрланганларни жамиятга қайта мослаштириш ҳамда аёллар ва болаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашишни мақсад қилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида, хусусан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давлат ва жамиятнинг ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётганини қайд этишди.
Мамлакатимизда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг барвақт аниқланиши ва жабр кўрганларга кўмак бериш учун тизимли ҳимоя механизмлари яратилмоқда ва изчил такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда болалар ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Омбудсман томонидан 2025 йилдан “Тенглик ва ҳурмат” платформаси йўлга қўйилди. Мазкур платформа орқали мамлакат бўйлаб гендер тенглигини таъминлаш, зўравонликка учраган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш, мамлакатимизда яратилган имконият ва имтиёзлардан хотин-қизларни хабардор қилинмоқда.
“Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази”нинг фаолиятга кириши инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат сектори ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу ташаббус мамлакатда инсон қадрини юксалтириш ва зўравонликсиз жамиятни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






 
                             
                             
                            
 
                             
                     
                                             
                                             
                                             
                                             
                                             
                                             
                             
                             
                             
                             
                                         
                                        