Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сирдарё вилоятида ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бўйича тақдимнома киритилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоятдаги бир қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Ташрифлар доирасида 8-сон тергов ҳибсхонаси, 40-сон манзил-колония, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, Гулистон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали ҳамда ногиронлиги бўлган аёллар учун мўлжалланган Сирдарё “Мурувват” уйидаги шароитлар ўрганилди.

Мониторинг жараёнида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган ёпиқ муассасаларда яшаш шароити, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга жалб этиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар учун хоналар ҳамда мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ўрганилди. Шунингдек, камера ва биноларнинг санитария ҳолати, видеокузатув тизимлари, адвокат ва терговчилар учун хоналар кўздан кечирилди.

8-сон тергов ҳибсхонасида айрим камералар таъмирга муҳтож экани аниқланди, уларнинг баъзиларида таъмир ишлари бошланган. Мониторинг вақтида икки нафар аёл маҳбуснинг шахсий тартибдаги мурожаатлари қабул қилинди.

40-сон манзил-колонияда “Касбий кўникмалар” маркази ташкил этилган бўлиб, у иссиқхона хўжалиги, паррандачилик, асаларичилик, сантехника, нонвойхона, электротехника, тикувчилик, сартарошлик, қуёш панеллари ва иситиш коллекторларини хизмат кўрсатиш каби 11 йўналишни қамраб олган.

Шунингдек, 40-сон манзил-колония маҳкумлари меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ғишт ишлаб чиқариш цехидаги шароитлар ҳам ўрганилди. Текширувда душ хоналари таъмирга муҳтож экани аниқланди. Озиқ-овқат ва яшаш шароити бўйича шикоятлар келиб тушмаган.

Мониторинг ташрифлари давомида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, шахсий суҳбат ўтказиш истагини билдирган фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Гулистон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли идорага Омбудсман тақдимномаси киритилди. Бошқа муассасаларда қайд этилган ҳолатлар бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати