Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад маҳкум ва маҳбусларга ўз ҳуқуқлари, Омбудсманга мурожаат қилиш тартиби, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш бўйича мавжуд кафолатлар, шунингдек жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин жамиятга мослашиш жараёнида фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-ҳуқуқий имкониятлар ҳақида тушунчалар беришдир.
Шу мақсадда “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида Самарқанд вилоятидаги 37-сон Манзил колонияси, Сирдарё вилоятидаги 40-сон Манзил-колонияси, 8-сон тергов ҳибсхонаси, Андижон вилоятидаги 3-сон тергов ҳибсхонаси, Наманган вилоятидаги 6-сон Жазони ижро этиш колонияси, Навоий вилоятидаги 5-сон Жазони ижро этиш колониясида маҳкум ва маҳбуслар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда у ерларда сақланаётган 400 нафарга яқин иштирокчилар қатнашишди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудудий Пробация бошқармалари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмалари масъул вакиллари иштирок этиб, жазо муддатини ўтаётган шахслар, шу жумладан озодликка чиқиш арафасидаги маҳкумларга керакли маълумотлар етказилди. Хусусан, Омбудсманнинг ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини жамоатчилик назорати орқали таъминлаш бўйича ваколатлари, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи, шунингдек мурожаат этган шахсга нисбатан ҳар қандай тазйиқларга йўл қўйилмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган шахсларга пробация тартиби, озодликка чиққан фуқароларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам турлари, тиббий кўрикдан ўтиш, бир марталик моддий кўмак олиш ҳамда мавжуд имкониятлар, “Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбларга ўқитишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”, “Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш” мавзуларида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Мулоқотлар давомида маҳкум ва маҳбуслар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.
Тадбирлар якунида сайёр қабуллар ташкил этилиб, маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, жойида ҳуқуқий тушунтириш орқали ҳал этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






