Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга йўллаган мурожаатлари ҳал этилмоқда
Ҳозирда маҳкум ва маҳбуслар Омбудсман ва унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан амалга оширилган мониторинг ташрифларида ҳамда “Омбудсман қути”лари орқали Омбудсманга тўғридан-тўғри мурожаат қилишмоқда. Қолаверса, уларнинг яқинлари ва адвокатларидан ҳам мурожаатлар келиб тушади.

Жиззах вилоятидаги 29-сон Манзил-колонияда эса оғир аҳволдаги маҳкум М.Б.га шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, колония ходимлари кузатувида маҳкум икки кун давомида юқори ҳарорат ва истма билан бир нечта тиббиёт муассасаларига олиб борилган бўлса-да, бирида тўлов ёки йўлланма талаб қилинган, иккинчиси эса “ўпка шифокори йўқ” деган сабаб билан қабул қилмаган. Маҳкум “чап ўпка абцесси, икки томонлама пастки бўлак пневмонияси” ташхиси билан оғир аҳволда бўлган.

Ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили томонидан маҳкум зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига олиб борилди. Бемор зарур таҳлиллардан ўтказилиб, стационар даволашга ётқизилган. Даъво муолажаларини олиб, колонияга қайтгандан сўнг ҳам керакли дори воситалар колония маъмурияти томонидан олиб берилган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасида “Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 23 мартдаги 67-сон буйруғи (Адлия вазирлигида 20.05.2019 йилда 3159-сон билан рўйхатга олинган) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича Қоидаларда, Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга ЖИЭМ жойлашган ҳудуддаги давлат соғлиқни сақлаш тизимининг барча даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилиши, маҳкумларга малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳудудий давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилиши, тиббий кўрсатмаларга кўра, стационар шароитда даволанишга муҳтож беморлар ҳудудий давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига ўрнатилган тартибда олиб чиқилиши қайд этилган.

Жиззах шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган Ю.Ю.нинг ҳимоячиси унинг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги, жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 23-сонли Маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонага этап қилинишида ёрдам сўраган. Омбудсман талабномасидан сўнг, маҳбус Ю.Ю.нинг соғлигини назорат қилиш учун тиббиёт ходими ва махсус тиббий автомобилда этап қилинди.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги 6-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 5 ойлик ҳомиласи бор аёл З.М. Омбудсман минтақавий вакилига тиббий ёрдамга муҳтожлиги бўйича мурожаат қилди. Мурожаат бўйича гинеколог шифокор чақиртилиб, аёлнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.

Шунингдек, Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 40-сон манзил-колониясида фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумлар билан сайёр қабул ўтказилганда, икки нафар маҳкум соғлиғидан шикоят қилган эди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан бири шифохонага ётқизилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати