Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Конституция ва ҳаёт: инсон манфаати устувор бўлган жамият сари
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг барчаси, инсон қадри улуғланадиган, қонун устуворлиги таъминланадиган ва адолат ғалаба қиладиган жамият барпо этишга қаратилган. Ижтимоий сиёсат ва ҳуқуқий кафолатлар натижасида аҳолининг турмуш фаровонлигининг ошиб бориши  улар муаммоси билан ёлғиз қолмаётганини кўрсатмоқда. Бу ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси эса — мамлакатимизнинг ривожланиш йўлини белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир.

Айниқса, янгиланган Конституцияда “инсон қадри — энг олий қадрият” деган тамойил унинг асосий ғоясига айланган. Бу — ҳужжатнинг асосий йўналиши ҳам, мамлакатдаги ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам айнан инсонга қаратилганини кўрсатади.

Давлат фуқаро ҳаётига қанчалик яқин бўлса, инсон қадри шунчалик ҳимояланган бўлади. Тўғри, олдимизда қилинадиган ишлар кўп. Энг асосийси — бу ўзгаришлар давлатнинг фуқарога бўлган масъулиятини кучайтириб, ҳақиқий ижтимоий давлат асосларини мустаҳкамламоқда.

Ижтимоий давлат дегани — инсон манфаати устувор қўйиладиган, аҳолига таълим ва тиббиётда тенг имкониятлар яратиладиган, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатлам доимий қўллаб-қувватланадиган жамият демакдир. Шу билан бирга, янги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимоясига оид қатор қўшимча кафолатлар киритилди, давлат органларининг фуқаролар олдидаги жавобгарлиги янада кучайтирилди.

Конституциявий ислоҳотлар негизида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига хизмат кўрсатиш мақсадли ва тизимли асосда амалга оширилмоқда. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби электрон рўйхатлар орқали эҳтиёжманд оилалар аниқланмоқда, уларнинг муаммоларига манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.

Энг муҳим жиҳати — фақат моддий кўмак бериш билан чекланилмаётганида. Аксинча, одамларнинг келажагига инвестиция киритиш, уларни касбга ўргатиш, даромад манбаига эга қилишга қаратилган чоралар кучайтирилмоқда. Маҳаллаларда тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайди, “маҳалла еттилиги”нинг жойлардаги фаолияти тизимли йўлга қўйилди.

Бу жараёнлар ижтимоий давлат тамойилларининг ҳаётга жорий этилаётганининг ёрқин мисолидир. Давлат ёрдамни фақат қисқа муддатли чора сифатида эмас, балки инсонларни камбағалликдан чиқаришга, турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган узоқ муддатли ечим сифатида кўрмоқда.

Ижтимоий давлатнинг энг муҳим мезонларидан бири — жамиятдаги ҳар бир инсоннинг имкониятлари тенг бўлиши. Айниқса ногиронлиги бўлган шахслар учун бу масала янада муҳим, чунки улар ҳаётдаги тўсиқларга бошқаларга қараганда кўпроқ дуч келади.

Инфратузилмани мослаштириш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, таълим ва тиббий реабилитация кўрсатиш тизимлари янгиланмоқда. Болалар ва катталар учун махсус марказлар, инклюзив таълим имкониятлари, барьерсиз муҳит яратиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Омбудсманга келаётган мурожаатлар ва ўтказилаётган мониторинглар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, инфратузилмани баҳолаш ва барьерсиз муҳит яратиш масалаларида ҳали амалга оширилиши керак бўлган вазифалар бор.

Нафақат озодликда, балки жазо муддатини ўтаётган шахслар орасида ҳам ногиронлиги бор маҳкумларга ҳам тенг шароит яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда: кириш жойларига тегишли стандартга мос пандуслар ўрнатилди, кутубхоналар брайл алифбосидаги китоблар билан тўлдирилди, ювиниш хоналарида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Янги таҳрирдаги Конституцияда Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани ҳақидаги норма ҳам мавжуд.

Омбудсман ушбу конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб келмоқда. Ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари, маҳбуслар ва маҳкумлардан келаётган мурожаатларни ўрганиш натижасида бир қатор масалалар аниқланди. Шу асосда ишлаб чиқилган маҳбуслар ҳуқуқларига оид қонунчилик таклифи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Тоза ҳаво — бу замонавий шаҳар ҳаётининг асосий талабларидан бири. Конституцияда инсоннинг соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлса-да, амалда бу борада жиддий камчиликлар учрамоқда.

Шунинг учун ҳам мамлакат миқёсида экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича кескин чоралар белгиланди. Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларга нисбатан назорат кучайтирилди, саноат объектлари учун экологик стандартлар янада қатъийлаштирилди, қурилишлар давомида яшил ҳудудларни асраш бўйича қоидалар қайта кўриб чиқилди.

Бироқ аҳолидан тушаётган мурожаатлар ва жойлардаги ўрганишлар шуни кўрсатадики, амалий натижаларга эришиш учун назоратнинг узлуксизлиги, экологик меъёрларни бузганларга нисбатан жазони мустаҳкамлаш, энг муҳими — аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг экологик маданиятини ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришимиз керак.

Омбудсман фаолиятида ушбу масала устувор ҳисобланади. 2025 йилнинг 9 ойида экологик ҳуқуқларга оид жамоавий мурожаатларни ўрганиш натижасида  Андижон вилояти Избоскан туманидаги 2,5 гектарлик яшил макон — манзарали дарахтлар етиштирилган ҳудудда бошланган уй-жой қурилиши ҳам парламент назорати субьекти – Омбудсман институти тавсиясига мувофиқ тўхтатилди.

Экология, ижтимоий ҳимоя ёки маҳкумлар ҳуқуқи бўладими — бу соҳаларда амалий ўзгаришларга эришишда давлатнинг масъулияти билан бирга жамоатчилик назоратининг ҳам аҳамияти катта. Конституцияда жамоатчилик назорати институтларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлангани бежиз эмас.

Биринчи навбатда бу — ОАВ эркинлиги, очиқ маълумотлар, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи ва ҳар бир муаммони ошкора муҳокама қилиш имконияти дегани. Аҳолидан тушаётган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар, блогерлар ва журналистлар орқали келаётган сигналлар кўп ҳолларда экологик, ижтимоий ва ҳуқуқий муаммоларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилмоқда.

Ҳар бир ислоҳотнинг марказида инсон туриши керак деган давлат сиёсати бугун нафақат қонунларда, балки амалиётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ижтимоий ҳимоя, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар, атроф-муҳит хавфсизлиги, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, жамоатчилик назорати — буларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ тизим. Шу тизимнинг асосий мақсади эса битта: инсон қадрини юксалтириш.

Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқлар ҳар бир фуқарога тегишли. Улар ҳаётда ишлаши учун давлатнинг масъулияти ҳам, жамиятнинг фаоллиги ҳам муҳим.

Албатта, қилинадиган ишлар кўп. Лекин энг муҳим қадам — инсон қадрини юксак қиймат сифатида тан олиш йўли танлаб бўлинди. Қолгани эса, шу йўлдаги биргаликдаги изчил ҳаракатимиз ва масъулиятимизга боғлиқ ва бу йўлда ҳар биримизнинг мақсадимиз бир, вазифамиз эса аниқ,

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)