Конференцияда Самарқанд шаҳридаги 83 та умумтаълим мактабларининг 8400га яқин юқори синф ўқувчилари, Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд шаҳар бўлимининг ёшлар етакчилари иштирок этди. Мазкур тадбирда ўқувчилар учун бевосита ва масофавий мулоқот қилиш имконияти яратилди.
Тадбирнинг мақсади ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича билимларини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт ҳисобланган Омбудсман институтининг фаолияти, ваколатлари ва вазифалари билан таништириш бўлди.
Конференцияда инсон ҳуқуқлари ҳар бир шахснинг қадр-қиммати, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг муҳим асоси эканлиги алоҳида таъкидланиб, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти, хусусан мурожаатларни кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва уларга ечим топиш масалалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси вакили “Ёшлар ҳуқуқлари ва рақамли муҳит: шахсий маълумотлар, интернет хавфсизлиги ва шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги” мавзусида маъруза қилиб, ёшларнинг интернетдан хавфсиз фойдаланиши, шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши ва рақамли муҳитда ўз ҳуқуқларини билиши нақадар муҳимлиги тушунтирилди.
Мулоқот жараёнида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга оид қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан оддий ва тушунарли тилда жавоблар берилди.
Конференция якунида ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.






