Видеомурожаатда А.Халиқовга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди томонидан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани, бироқ у маъмурий қамоқни ўташ учун белгиланган жойга эмас, Оҳангарон шаҳар прокуратурасига олиб борилиб, ушлаб турилгани, шунингдек, овқатлантирилмагани ва адвокати билан учраштирилмаётгани ҳақида важлар келтирилган.
Мазкур ҳолат Омбудсман томонидан хабар эълон қилинган куннинг ўзида назоратга олинди. Шу куни Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига назорат хати киритилди.
Шунингдек, 6 май куни Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили А.Халиқов сақланаётган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонага бориб, у билан учрашди.
Учрашув давомида А.Халиқовнинг Махсус қабулхонада сақланаётганлиги маълум бўлди ҳамда уни сақлаш шароити, овқатланиши, соғлиғи ва мурожаатда кўтарилган бошқа ҳолатлар ўрганилди. А.Халиков билан ўтказилган ҳоли суҳбат жараёнида, у Махсус қабулхонада белгиланган тартибда озиқ-овқат берилаётганини, қабулхона ходимлари хатти-ҳаракатлари ва сақлаш шароити юзасидан шикояти йўқлигини маълум қилди.
Жорий йилнинг 7 май куни А.Халиқовнинг маъмурий қамоқ муддати тугаб, у Махсус қабулхонадан тўлиқ озод этилган. Шунингдек, у шу куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари доирасида шу вилоят прокуратураси тергов бўлимига юборилган.
Омбудсман мазкур ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиради. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






