Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мактаби: аҳоли мурожаатлари таҳлили асосида республика бўйлаб ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда
Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) халқ ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда мурожаатларда кўтарилган масалаларга жойида ечим топиш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Жорий ойда “Омбудсман мактаби” тадбирлари Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ўтказилиб, уларга жами 600 нафарга яқин фуқаро ва ёшлар қамраб олинди. Тадбирларда Самарқанд вилоятидаги Ингичка қўрғони аҳолиси, Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Латифсовунгар” ва “Ниёзхўжа”, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Улуғ йўл”, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақиллик”, “Дуоба”, “Инкабод”, “Пулхоким”, “Ўрмончи”, “Хўжаидод”, “Авлод”, “Бибиширин”, “Боғиболо”, “Бошработ”, “Кофрун”, “Кўчкак”, “Пасурхи”, “Тўда”, “Сариосиё” ва бошқа маҳаллалар аҳолиси ҳамда Наманган давлат техника университети талабалари иштирок этди.

Уларда кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат миграцияси жараёнларини ҳуқуқий тартибга солиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, аҳолига иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар, шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлашга оид амалий тавсиялар берилди.

Мулоқотлар давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, айрим масалалар жойида ҳал этилди. Шунингдек, тадбирдан сўнг Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан сайёр қабуллар ўтказилди.

Шунингдек, Наманган давлат техника университети талабалари иштирокида ҳам “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда талабаларга ёшларга оид давлат сиёсати ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди.

Ушбу тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини жойида қабул қилиш ҳамда тегишли ташкилотлар иштирокида масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати