Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги навбатдаги очиқ мулоқот тафсилотлари
Маълумки, 3 йилдан буён Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусига бағишланган навбатдаги очиқ мулоқот 2024 йилнинг 5 июнь куни БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ва Финляндия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистонда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Судьялар олий Кенгаши ҳамда 20га яқин фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, жумладан “Мадад” нодавлат ташкилоти, “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, “Юксалиш” умумхалқ ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази, “Марказий Осиё ассоциацияси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳамроҳ”, “Раҳимдиллик” нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Sharoit plus” ногиронлар жамоат бирлашмаси, “Ойдин нур” оилани ижтимоий ҳимоялаш маркази ва бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Мазкур давра суҳбатини ташкил этишдан мақсад – Омбудсманнинг  нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ННТлар билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати доирасида амалга оширилган таҳлиллар натижаларини муҳокама қилиш, Омбудсман, ННТлар ҳамда суд тизими истиқболдаги ҳамкорлигини кучайтиришдир.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фидойилик билан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш йўлида фаолият юритишмоқда. Омбудсман ва учинчи сектор вакилларини инсон ҳуқуқларининг таъминланишидек улуғвор мақсад бирлаштиргани учун ҳам биз ўз фаолиятимиз давомида улар билан ҳамкорликни кучайтиришга ва уларни қўллаб-қувватлашга ва шу орқали жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Жамиятда халқни ўйлантираётган муҳим масалалар ННТ томонидан кўтарилиб таклифлар берилаяпти.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу мулоқот майдонини яратишимиздан мақсадимиз ҳам шу. Уч йилдан бери тизимли муҳокамаларимизда сиз томонингиздан билдирилган таклифларнинг бир қанчаси қонун ҳужжатларида ўз аксини топди. Йилма йил нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг иштироки қамровини ҳам кенгайтириб бормоқдамиз.– деди, Омбудсман Феруза Эшматова.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров ўз сўзида кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давом этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, бу борада фуқаролик жамиятининг фаоллиги ҳам сезиларли равишда ошиб бораётганини таъкидлади.

Тадбирда қайд этилишича, 2023 йилда БМТнинг тегишли қўмиталарига киритилган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳамда Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциялар ижроси бўйича Омбудсман маърузаси қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда тайёрланган. Бундан ташқари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширишда ҳам ҳамкорликда ишлайди.

Шунингдек, давра суҳбатида “Раҳмдиллик”, “МАДАД” ННТ ва “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси вакиллари томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, уй-жойга киритиб қўйиш, туҳмат билан боғлиқ ишларни судларда кўриш амалиётлари бўйича олиб борган таҳлил натижаларининг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди. Муҳокамаларда ушбу ўрганишлар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар ҳақида фикр алмашилди.

Тадбир якунларига кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фуқаролар билан ишлаш жараёнида аниқланган жамиятдаги қатор масалалар, жумладан, аёлларни қўллаб қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш, ННТлар вакилларининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва бошқа йўналишлардаги таклифларини билдиришди.Умумлаштирилган таклифлар масъул идораларга ўрганиб чиқиш учун киритилади.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати