Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги навбатдаги очиқ мулоқот тафсилотлари
Маълумки, 2 йилдан буён Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

2023 йилнинг 16 июнь куни давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусига бағишланган мазкур давра суҳбати БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистонда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Судьялар олий Кенгаши ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, жумладан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, “Мадад” нодавлат ташкилоти, “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, “Юксалиш” умумхалқ ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ва бошқа ННТлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Мазкур давра суҳбатини ташкил этишнинг мақсади – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида умумий мулоқот платформасини ўрнатиш орқали аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан муҳокамаларни ўтказиш ва бу орқали бир қатор муаммоларга ечим топишдир.

Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали фуқароларнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни кўрсатади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Омбудсман институти фуқаролик жамияти институтлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилгани ва 2 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур платформа орқали уларни янада қўллаб-қувватлаш имконияти янада кенгайиб, очиқ мулоқот йўлга қўйилганлигини таъкидлаб ўтди.

- Янгиланган Конституциямизда Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани белгилаб қўйилди. Айтишим керакки, биз ушбу йўналишда ҳам  фуқаролик жамияти институтлари билан ишлашга ва улар таклифларини ўрганиб, янада такомилига етказишга тайёрмиз. Шу нуқтаи назардан, давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтлари томонидан билдирилаётган таклиф ва тавсиялар биз учун жуда муҳим.

Матильда Димовска, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили

- Албатта ННТнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни беқиёс ва бу давлатнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатувчи омиллардан  ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳозирги кунгача фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин, шунга қарамасдан яна шу соҳада ишлаш керак бўлган йўналишлар мавжуд. Бугун биз Омбудсман ва суд ҳуқуқ тизимидаги давлат органлари билан биргаликда Финландия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳамиз доирасида ушбу масалаларни биргаликда муҳокама қилишдан хурсандмиз.

Давра суҳбатида таъкидланишича, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолияти бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари ўрганилди.

Қайд этиш лозимки, бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва у орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади.

Давра суҳбати якунида тадбир иштирокчилари томонидан инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга суд жараёнларида тенг имкониятлар яратиш, вояга етмаган шахсларга нисбатан қонунчиликда имтиёзлар яратиш юзасидан таклифлар берилди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати