Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманлар тажрибаси: Инсон ҳуқуқлари–давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили
Куни кеча пойтахтимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) институтининг 29 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари–давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Маълумки,  Омбудсманлар инсон ҳуқуқларини таъминлашни мақсад қилган бўлсаларда, уни амалга ошириш усуллари, механизмлари ҳамда таъсир чоралари бир биридан фарқ қилади. Дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, жамиятдаги мавжуд муаммолар ва бошқа жихатлардан келиб чиқиб, Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро экспертларнинг бир жойда жамланиши ва ўзаро тажриба алмашиши инсон ҳуқуқларини таъминланишида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Конференцияда Австралия, Азарбайджон, Венгрия, Италия, Қозоғистон, Қирғиз, Марокаш, Мўғулистон, Норвегия, Покистон, Россия, Сербия, Тайланд, Туркия ва Тожикистон  давлатлари Омбудсманлари, инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролик жамиятлари билан ишлаш, рақамлаштириш жараёнлари, гендер тенглиги, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муносабатлари ва қатор бошқа йўналишлардаги ўз тажрибалари билан бўлишишди.

20 га яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашма экспертлари, қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ва юртимиздаги хорижий давлатларнинг фавқулодда ва мухтор элчиларини қамраб олган конференция илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ҳамкорликнини янада мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни илгари суришга хизмат қилди.

Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, Бош қомусимизда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган нормалар аввалгисидан 3 бараварга кўпайгани ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон эришган натижалар хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Конституцияда Омбудсман институтининг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга хақли экани белгилаб қўйилган тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Анас Файяд Қарман, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи

- Ўзбекистон 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни қабул қилиб, уларни ўзининг миллий қонунчилигига интеграция қилди ва шу орқали ўзининг қонун-қоидаларини босқичма-босқич равишда илғор жаҳон амалиётига яқинлаштирмоқда “Ўзбекистон-230” Стратегияси қабул қилинди, бундан ташқари, ўтган давр мобайнида қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қатор ижобий қадамларнинг гувоҳи бўлдик. Шу ўринда, биз янги Конституцияга мувофиқ Омбудсманнинг қонун ижодкорлиги жараёнига таъсирининг ошаётганини ижобий натижа сифатида эътироф этамиз.

 

Девид Хоффман, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари

-Ўзбекистонда сўнгги 6-7 йил давомида жуда катта ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Айни жараёнлардаги энг муҳим жиҳат бу инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ҳаркатлардир. Бугунги анжуманда шу йўналишдаги ишларнинг амалий натижалари намоён қилинмоқда. Умуман олганда, инсон ҳуқуқлари давлатнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. USAID ташкилоти инсон ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган халқаро ва миллий тажрибаларни умумлаштириб амалиётга тадбиқ этиш борасида Омбудсман билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан ҳурсандмиз.

 

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Сергей Сизов томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда мустақил институт сифатида фуқаролар ҳаётида ва жамиятда муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.

 

Крис Филд, Халқаро Омбудсман Институтининг Президенти, Ғарбий Австралия Омбудсмани

-Халқаро омбудсман институти 200 дан ортиқ вакилларига эга. Биз биргаликда Омбудсманларнинг умумий мақсадига эришиш борасида ҳамкорликни йўлга қўямиз, чунки бизнинг асосий мақсадимиз албатта қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимояланганлигини таъминлаш ҳисобланади. Мен мамнуният билан ўтган йили мамлакатингиздаги муҳим сиёсий жараёнларни шахсан кузатганим ва ижобий хулосаларга келганимни айтмоқчиман.

 

Шереф Малкоч, Туркия Бош Омбудсмани

-Амир Темур юртида эканлигимдан ҳурсандман. Бизнинг тарихимиз, илдизларимиз шу ер билан боғлиқ. Ўзбекистондаги ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни, ислоҳотларни ва демократлашиш жараёнларини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Бу жараёнлар эса нафақат Ўзбекистонга, балки бошқа давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказади деб ўйлайман. Ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳаларда қанчалик яқин ҳамкорликда бўлсак, ўзаро тажриба алмашсак шунчалик ривожланиб борамиз.Икки давлат ўртасидаги мулоқот, муносабат, бирдамлик мамлакатларимиз фаровонлигини оширади, осойишталигини таъминлайди.  

 

Жаргалсайхан Хунан, Омбудсман-Мўғулистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий комиссияси

-Халқаро конференция орқали Ўзбекистон ҳақида, хусусан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кўплаб нормалар мустаҳкамлангани, шунингдек, ушбу қонун Омбудсман ҳуқуқларини тўла кафолатлаб, ҳуқуқларини кенгайтиргани бўйича маълумотларга эга бўлдик. Бундан ташқари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти мустаҳкамлангани, мажбурий меҳнат бекор қилинган ҳамда юқори даражадаги раҳбарлик лавозимларига аёллар тайинланган. Бу Мўғулистонда жуда кам учрайдиган ҳодиса. Ишонамизки, бу йил Ўзбекистонда Мўғулистон элчихонасини очамиз. Қолаверса, биз Омбудсманлар ҳамкорлик меморандумини имзоладик.

 

Ластаев Артур Ермекович, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

-Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти ва тажрибаси анча такомиллашди. Ўзбекистон бу борада жуда ҳам ажойиб натижаларни кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, юртингиздаги  конституциявий ислоҳотларни  диққат билан кузатиб, ўзбекистонлик дўстларимиз эришаётган ютуқларидан хурсанд бўлиб келмоқдамиз. Шуни айтишим жоизки, биз Ўзбекистон Омбудсмани билан ҳар томонлама кучли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқдамиз.

 

Марино Фарделли,  Италиянинг минтақавий ва автоном вилоятлари омбудсманларининг миллий координатори

-Бугунги Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик албатта икки давлат фуқароларининг манфаатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бундан ташқари Италияда ўзбекистонлик талабалар сони 2000 нафардан кўп. Шу нуқтаи назардан Омбудсманлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш жуда муҳим.  Мамнуният билан айтишим мумкинки, конференция доирасида Ўзбекистон Омбудсмани билан ҳамкорлик меморендумини имзоладик. Бу эса мустаҳкам ҳамкорлигимизга яна бир туртки бўлади. 

 

Акос Козма, Венгрия асосий ҳуқуқлар комиссари (омбудсман)

-Ўзбекистон ва Венгрия давлатлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, у кўплаб соҳаларни қамраб олган. Давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганига ўтган йили Венгрия пойтахти Будапештда Ўзбекистон элчихонасининг очилгани тасдиқлайди. Шунга мос равишда биз Омбудсманлар ҳам ўзаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаб бормоқдамиз. Ўтган йили биз Омбудсманлар ҳам ҳамкорлик меморандумини имзолаб, ўзаро тажриба алмашиш борасида самарали ишлаб келмоқдамиз.

 

Мохамед Беналилу, Марокаш Қироллигининг Омбудсмани

-Мен ушбу халқаро конференцияни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги навбатдаги муҳим қадам деб биламан. Чунки биз сунъий интеллект натижасида ўзгараётган жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янги чақириқлар юзага келиши мумкинлигини яхши тушунишимиз керак. Турли маданият вакилларини бирлаштирган ушбу конференцияда географик ҳудудлар ва маданий фарқлардан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ақлли ва етарли ечимлар топиш мумкин. Мен ҳамкасбимга Марокашда икки томонлама меморандум имзолаб, алоқаларимизни янада мустаҳкамлашни таклиф қилдим.

 

Джамиля Джаманбаева, Қирғиз Республикаси Омбудсмани

-Бугунги тадбир жуда ҳам юқори савияда ташкил этилган бўлиб, ушбу мулоқот барча омбудсманлар учун фикр алмашиш ва улкан тажриба майдони бўлди. Қирғизистон омбудсман институти фаолиятига тўхталадиган бўлсам, институтимиз мамлакатимиздаги энг юқори 5 та давлат органларидан бири ҳисобланади, шундан келиб чиқиб биз ҳам Конституцияга мувофиқ Парламент билан якдил ҳолда инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлаймиз.

 

Умед Бобозода, Тожикистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

-Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизнинг сўнгги йиллардаги эришган натижалари бизни беҳад қувонтирди. Референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, хусусан, Омбудсманга қонун лойиҳаларини қонун ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқининг берилгани жуда мухим. Умуман олганда инсон ҳуқуқлари йўналишидаги ислоҳотлар ва эришилган натижалар борасида Ўзбекистондан ўрганадиган жихатларимиз бор. 

Мазкур халқаро тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилган муҳокама майдонида нуфузли халқаро ташкилот вакиллари, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар хусусан, БМТ ихтисослашган қўмиталари аъзолари, Европа Кенгаши, ЕҲХТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси экспертлари, Халқаро Омбудсманлар институти, Осиё Омбудсманлари Ассоциацияси, Германиянинг Макс Планк институти, UPR инфо вакиллари ҳам иштирок этишди. Халқаро экспертлар Омбудсман институтининг жамият ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигига тўхталар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этишди ва доим ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Халқаро конференция якунларига кўра, Тошкент резолюцияси қабул қилинди.

Конференция доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар Омбулсманлари Олий Мажлис Сенати раиси ва сенаторлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари ва депутатлар билан ҳам учрашишди.

Туркия, Венгрия, Италия, Мўғулистон, Марокаш, Кирғиз ва Қозоғистон Республикалари Омбудсманларидан иборат делегация аъзолари ташрифи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабали билан ўтказилган учрашув билан якунланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати